loader
Foto

Йигирма саккизинчи суҳбат: Мўминлар мунофиқликдан қўрқиб турадилар

 Мунофиқлар Аллоҳнинг динини бузишга, мўминларни ўз йўлларига солишга, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ўз сўзларини ўтказишга уринишган. Уларнинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам ўзларининг ёмон амаллари туфайли аянчлидир.

Юқоридаги оятлар мунофиқлар ҳақида айтилган бўлса ҳам, бундан иймонли одамларгина қўрқувга тушадилар. Мунофиқлар эса заррача ташвишланмайдилар. Қанийди, уларга ҳам насиҳат таъсир қилсаю иймонга мушарраф бўлсалар. Бу оятлар дарҳақиқат мўминлар учун фойда беради. Иймон аҳли бу оятларни ўқиб, ўзларига керакли хулосалар чиқарадилар. Иймонларини яна ҳам эҳтиёт қиладилар. Мунофиқликнинг кичкина аломатлари пайдо бўлиб қолишидан ҳам сақланадилар. Қалблари ва хулқларини ўзлари назорат қилиб борадилар. Зеро, ҳазрати Умардек зот ҳам ўзларида мунофиқлик аломатлари пайдо бўлиб қолишидан қўрқиб турар эдилар.

Мусулмонлар Маккада кофир-мушриклар зулмидан 10 йилга яқин азоб-уқубатлар тортган бўлсалар, Мадинада мунофиқларнинг озоридан ҳеч ҳам саломат бўлмадилар. Маккада очиқчасига Исломга қарши курашадиган кофирларни ҳамма танир эди. Аммо тилида иймон келтириб, ичида адоват сақлаб юрадиган кимсаларни эса ҳамма ҳам таниб ололмас эди. Мусулмонлар орасини маккорлик билан бузиб юборадиган кимсаларнинг сўзларини ҳамма ҳам осонлик билан ажрата олмас эди. Шунинг учун Аллоҳ ва Расул фосиқларнинг сифатларини айтиб, мўминларни ҳамиша огоҳлантириб туришган. Мунофиқлар ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга ҳаракат қилишган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаганлар.

Аллоҳ ва Расул мунофиқлар қилаётган ишларнинг оддий одамлар дарҳол тушуниб етмайдиган моҳиятини очиб беришар экан, бу билан мусулмонларни ҳам атрофга диққат билан назар солишга, пардалар ортида яширинган хатарларни илғайдиган бўлишга чақирадилар.

Мунофиқлар ҳамиша одамларни Аллоҳ ва Расулга итоат қилишдан гоҳ махфий, гоҳ ошкора равишда хийла йўли билан қайтариб келишган. Мусулмонлар орасида фитна-иғволар тарқатишдан чарчашмаган. Қилмишлари фош бўлиб қолган ўринларда ёлғон қасамлар ичиб, ўзларини оқлашган. Энг оғир кунлар келганда алоҳида бўлиб ажралиб, мусулмонларни ёрдамсиз ташлаб кетишган. Мунофиқларнинг раҳбарларидан Абдуллоҳ ибн Убай Ухуд жанги кунида "мен ўлиш учун мусулмон бўлмаганман", дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни ташлаб, ўзига эргашганлар билан бирга ярим йўлдан орқасига қайтиб кетган. Табук ғазвасида ҳам шундай бўлган.

"Улар олдиндан фитна чиқаришга уриниб, сизнинг ишларингизни остин-устун қилиб келдилар. Охири Ҳақ келиб, улар ёмон кўриб турсалар-да, Аллоҳнинг амри ғолиб бўлди". (Тавба сураси, 48-оят).

Аллоҳ Тавба сурасининг қатор оятларида мунофиқларнинг ёмон ишларидан бир қанчасини зикр этади ва уларнинг сўнггида мунофиқларга "жаҳаннам" ваъда қилади.

Мунофиқлар Ухуд жанги олдидан ва ундан сўнг ўзларининг бузуқ тушунчалари ва носоғлом хулқларини яққол намоён қилдилар. Мадина устига Макка мушриклари бостириб келар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни жангга тайёрланишга буюрадилар. Саҳобалар ёшу қари жам бўлиб қуролланиб, динлари ва ватанларини ҳимоя қилиш учун шаҳар ташқарисига йўл оладилар. Бироқ Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг атрофидагилар мушриклар лашкарини кўргач, орқаларига қайтдилар ва: "Агар сизлар билан уларнинг ўртангизда уруш бўлишини аниқ билсак, сизларга қўшиламиз", – деб ёлғон гапирдилар. Ҳолбуки, бу мушрикларнинг (Бадрда) кўрган талафотлари туфайли мўминларга нисбатан ғазаб, нафрат билан тўлиб-тошганларини, мол-дунёларини аямай, аскару аслаҳаларини жамлаб, жуда катта қўшин билан келишганини, мўминларни ўз ватанларида янчиб ташлашга қасд қилиб, уруш нияти билан ёнаётганларини мунофиқлар ҳам, бошқалар ҳам жуда яхши билиб турган эдилар. Мушриклар билан мусулмонлар орасида шу пайтда уруш бўлмайди деб қандай тасаввур қилиб бўлади? Бунинг устига мусулмонлар Мадинадан чиқиб душман қаршисида саф тортган бўлсалар. Лекин мунофиқлар бу узрни мўминлар қабул қиладилар деб ўйладилар. "Улар ўша куни иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар". (Оли Имрон сураси, 167-оят). (Саъдий).

Ухуд жанги бўлиб ўтди. Унда мусулмонлардан 70 киши шаҳид бўлди. Мунофиқлар эса шаҳидлар ҳақида ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳам тилларини тиймадилар: Улар: "Муҳаммад бизнинг айтганимизни қилмади, жангга чиқиб нотўғри қилди. Одамларнинг ўлимига сабаб бўлди", дейишди. Шаҳидлар ҳақида эса: "Агар бизга итоат қилганларида ўлдирилмаган бўлардилар", - дедилар. (Оли Имрон сураси, 168-оят). Аллоҳ: "Айтинг, агар сўзларингиз рост бўлса, унда ўзларингиздан ўлимни даф этиб юборинглар-чи!" - деди. Аллоҳ бу сўз билан мунофиқларнинг қанчалик калтабин кишилар бўлганларини фош этади. Жиҳодда ўлмай қолса, қани энди шу билан бутунлай ўлимдан қутулиб қолса! Ажабо, булар одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас, ўзларига итоат қилишини хоҳлайдилар-а. Нафақат одамларни, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам ўзларига итоат қилдирмоқчи бўлардилар.

Уларнинг диллари хасад билан тўлиб-тошган эди. Мусулмонларга бирор яхшилик етишини асло хоҳламас эдилар. "Агар сизга бир яхшилик етса, бу уларни хафа қилади, агар сизга бирор ёмонлик етса, "биз олдиндан эхтиётимизни килган эдик", деб хурсанд ҳолда юз ўгириб кетадилар". (Тавба сураси, 50-оят). Яъни "агар мағлубият, ўлим юз берса, мана биз эҳтиёткорликка амал қилиб урушга чиқмаган эдик-да, деб сизга етган мусибатдан хурсанд бўладилар". (Багавий).

Мунофиқлар мусулмонларнинг бир-бирларига ёрдам қўлларини чўзишларини ҳам кўролмас эдилар. Закот-садақалар йиғилишини қоралар эдилар.

"Уларнинг ичларида сизни садақалар хусусида айблайдиганлари бор. Агар уларга садақалардан берилса, хурсанд бўладилар, агар берилмаса, бирдан ғазаб қиладилар". (Тавба сураси, 58-оят).

"Уларнинг айбловлари ва танқидлари яхши мақсад билан ёки тўғри фикр билан эмас эди, балки мақсадлари ўзлари садақа олиш эди". (Саъдий). "Мунофиқлар Муҳаммад садақани ўзининг яхши кўрган одамига беради дер эдилар... Агар ўзларига кўпроқ берилса, хурсанд бўлардилар, озроқ берилса аччиқ қилардилар". (Бағавий).

Уларнинг баъзилари мулойимлик билан иш олиб борсалар, айримлари ахлоқсизликларини ҳеч яширмас эдилар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтдилар: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У киши бизга улуш тақсимлаб бераётган эдилар. Олдиларига Зулхувайсира келди. У Бану Тамимдан бўлган бир киши эди. У: "Эй Расул, адолат қил!" - деди. Расулуллоҳ: "Ҳолингга вой сени, агар мен адолат қилмасам ким адолат қилади?!" - дедилар. Шунда Умар дедилар: "Ё Расулуллоҳ, менга рухсат беринг, бунинг бўйнини кесиб ташлай!" Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарни бу ишдан қайтардилар. Сўнг келгусида бунинг одамлари ажралиб чиқишларини айтдилар. Дарҳақиқат фитналар замони бошланганда бу одам мусулмонлар жамоасига қарши бош кўтариб чиққан хаворижлар сафига қўшилиб кетди ва ҳазрат Алига қарши уруш қилиб, урушда ўлди. (Бухорий ривоят килган ҳадисдан).

Куръонда мунофиқлар ҳақида жуда кўп оятлар нозил бўлган. Улар мўминларнинг мунофиқлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун огоҳлантириб туради. Табиийки, ҳамма вақтда ҳам барча мўминларнинг даражалари бир хил бўлмайди. Ўша замондаги мусулмонларнинг ичларида ҳам оз бўлса-да мунофиқларнинг гапига қулоқ соладиган иродаси заифроқ кишилар топилар эди. Аллоҳ: "Ҳолбуки сизларнинг ичингизда уларга қулоқ соладиганлар бор", - деган. (Тавба сураси, 47-оят). "Яъни, сизларнинг ичларингизда ақлини яхши ишлатмайдиганлар, уларга қулоқ соладиганлар, даъватларини қабул қиладиганлар, уларга алданадиганлар бор". (Саъдий). "Улар сўзларини қабул қилган одамларни ёмонликка буюрадилар... Қўлларини Аллоҳ йўлида эҳсон-садақа қилишдан тортадилар. Аллоҳ уларнинг молларидан фарз қилган закотни эгаларига етказишга монелик қиладилар. ... Қатода айтадилар: Улар қўлларини ҳар қандай яхшиликдан тортиб оладилар. (Табарий).

"Улар Аллоҳни унутдилар, Аллоҳ ҳам уларни "унутди". Яъни, улар Аллоҳга итоат қилишни, Унинг амрига эргашишни тарк қилдилар, Аллоҳ ҳам уларга Ўз тавфиқи, ҳидояти ва раҳматини ато қилишдан тўхтади. (Табарий). "Улар Аллоҳ буюрган нарсаларни тарк қилдилар. Аллоҳ ҳам уларни шак-шубҳа ичига ташлаб қўйди". (Куртубий).

"Мунофиқлар бир-бирларини дўст тутадилар, шунинг учун мўминлар уларни дўст тутиши мумкин эмас. Улар "ёмонликка буюрадилар". Ёмонлик куфр, фосиқлик ва исёндир. "Яхшиликдан қайтарадилар". Яхшилик иймон, гўзал хулқлар, солиҳ амаллар ва чиройли одоблардир". "Шубҳасиз, мунофиқлар ҳақиқий фосиқлардир!" Аллоҳ фосиқликни шуларга чеклаб қўйди. Чунки буларнинг фосиқлиги бошқаларнинг фосиқлигидан улканроқдир. Бунинг далили шуки, уларнинг азоблари бошқаларнинг азобидан кўра қаттиқроқдир. Мўминлар шуларнинг орасида яшаб, шулар орқали балоларга дучор қилиниб синалдилар..." (Саъдий ).

"Хасан Басрий дедилар: "Нифоқ икки хил бўлади. Ёлғончилик нифоқи, амал нифоқи. Ёлғончилик нифоқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлган эди, амал нифоқи эса Қиёматга қадар давом этади". (Куртубий).

Тавба сурасининг 75, 76, 77-оятида "Агар Аллоҳ бизга Ўз марҳаматларидан ато қилса, албатта, эҳсонлар қиламиз, солиҳ кишилардан бўламиз", деб ваъда қилган, аммо Аллоҳ уларга кўп мол-дунё бергандан сўнг бахиллик қилган кимсалар ҳақида сўз боради. Аллоҳ уларнинг бахилликлари, ёлғон гапирганлари, ваъдаларига вафо қилмаганлари учун қалбларида то Аллоҳга йўлиққунларича ҳам йўқолмайдиган мунофиқлик пайдо қилганини айтади. "Мўмин киши бу хунук сифатдан эҳтиёт бўлиши керак. Яъни, Раббисига "фалон-фалон орзуйим амалга ошса, фалон-фалон иш қиламан деб ваъда бериб, кейин вафо қилмай кетишдан сақланиши лозим. Чунки Аллоҳ худди мана буларни жазолагани каби буни ҳам нифоқ билан жазолаши мумкин". (Саъдий).

Сахиҳ ҳадисда ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдасига хилоф иш тутиш, омонатга хиёнат қилиш, биров билан тортишганда аламидан гуноҳ қилишга ўтиб кетиш мунофиқлик аломатларидан эканлиги айтилган. Кимда шу сифатлар мавжуд экан, у тавба қилиши керак. Хатоларини тузатиши шарт. Акс ҳолда Аллоҳ уни нифоқ касали билан жазолашидан қўрқиши даркор.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР