loader
Foto

Йигирма тўққизинчи суҳбат: Мўминлигимиз даражасини ўлчайдиган мезон

Муъминун сурасининг дастлабки ўн ояти Аллоҳ таолодан биз мўмин бандалар учун хушхабар ҳамда бахт-саодат йўлига тарғиб ва тавсиядир. "Банда ўзини ва бошқаларни мана шу оятга солиштириб текшириб кўрсин. Шунда у ўзида ва бошқаларда иймондан нималар борлигини билиб олади. Унинг зиёдаси ва нуқсонини, оз ёки кўплигини кўради". (Саъдий).

Аллоҳ айтади: "Мўминлар шубҳасиз нажот топдилар". Яъни, мўминлар шубҳасиз, ғалаба қозондилар, саодатга етишдилар, муваффақиятга эришдилар. Улар Аллоҳга иймон келтириб, элчиларни тасдиқлаган мўминларнинг мақсад қиладиган барча нарсаларини қўлга киритдилар. Уларнинг сифатлари мана будир:

"Улар намозларида ҳокисорлик билан турувчилардир". Намозда ҳокисорлик ("хушуъ") билан туриш дегани бу Аллоҳнинг яқин эканини хис қилган ҳолда қалбни Унинг ҳузурида холис қилиб туришдир. Шунда қалб тин олади, банданинг руҳини осойишталик эгаллайди, жасад ҳаракатлари тинчланади, атрофга назар солишлари камаяди. Банда намознинг бошидан охиригача нима ўқиётгани ва нима ҳаракат қилаётганини хаёлига келтириб, Аллоҳнинг ҳузурида ўзини одоб билан тутади. Мана шу билан васвасалар ва ёмон фикр-хаёллар даф бўлади. Мана шу намознинг руҳидир ва намоздан мақсад шунда ҳосил бўлади. Бандага намоздан савоби ёзиладигани шудир. "Хушуъ" ва ҳузури қалб бўлмаган намоз гарчи жоиз ва савоб берилиши мумкин деб айтилса-да, лекин унга бериладиган савоб қалб шу намоздан қанчасини идрок этган бўлса, ўшанга яраша бўлади. (Саъдий).

"Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиганларида осмонга қараб кўяр эдилар. Шунда мана шу оят нозил бўлди. Шундан кейин у киши назарларини сажда қиладиган ерга қаратиб турадиган бўлдилар... Муфассирлар бу ерда "хушуъ"дан мурод нима экани ҳақида турли фикрларни айтишган. Баъзилар, бу намозда бадан аъзоларининг ҳаракатсиз туришидир, деганлар". (Табарий).

Муфассирлар имоми Табарий саҳобалар ва Пайғамбаримизнинг Ислом аввалида намозни ён-атрофга қараб-қараб ҳам ўқишганини, бу оят нозил бўлгандан кейин эса фақат ерга, саждагоҳга қараб ўқийдиган бўлишганини ривоят қиладилар. Бунинг сўнггидан "хушуъ"нинг бошқа маъноларини баён этадилар.

"Бошқалар эса бу ўринда хавф-қўрқув назарда тутилган, дедилар. ..."Улар намозларида "хушуъ" билан турувчилардир" - дегани улар қўрқиб турадилар деганидир...

Биз бундан аввалда ўтган ёзувларимизда "хушуъ" ҳокисорлик, бўйсуниш эканини баён қилганмиз. ...Модомики, ақл билан қаралганда ҳам, нақлга каралганда ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг бу калимадан ирода қилган нарсасини муайян бир маънога чеклаб қўймаган экан, бундан маълум бўладики, бунинг маъноси умумни ифода қилади. Шундай экан, каломнинг таъвили аввал тавсифлаганимдек, мана бундай бўлади: "Улар шундай кишиларки, Аллоҳ уларга вожиб қилган фарзлар ва ибодатларни давомли равишда бажо қилиб, намозларида ўзларини Аллоҳга хор тутиб турадилар". Агар банда намозда ўзини Аллоҳ учун хор тутиб турса, унинг бўйсунишдаги ҳокисорлиги аъзойи баданининг қимирламасдан туришида, фарзини бажо қилиш билан машғуллигида, намозда тарк қилишга буюрилган нарсаларни тарк этишида кўриниб туради". (Табарий).

"Улар беҳуда ишлардан юз ўгирувчилардир". "Лағв" унда яхшилик ҳам, фойда ҳам бўлмаган сўздир... Агар улар беҳуда сўзлардан юз ўгирган эканлар, харомдан юз ўгиришлари аниқдир. Агар банда тилига кучи етиб, уни фақат яхши ишларга ишлатишнинг уддасидан чиқа олса, у ўз ишига ўзи эгалик қила олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалга насиҳат қилган пайтларида: "Мана шуларнинг ҳаммасини қўлга киритишнинг йўлини айтиб берайми?" - деган эдилар. Муоз: “Ха, айтиб беринг”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг тилларига ишора қилдилар ва "мана буни тийгин", дедилар.

Демак, мўминларнинг чиройли сифатларидан бири - улар ўз тилларини беҳуда ва харом сўзлардан тийиб олган бўладилар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ҳаё ва камгаплик иймондан икки шохчадир. Уятсизлик ва сергаплик нифоқдан икки шохчадир". (Термизий, Ҳоким, Аҳмад).

Мўминнинг иймони уни ҳамиша Аллоҳдан ва одамлардан ҳаё килиб туришга мажбур қилади. Шундан у хунук ишларни қилишдан, ёқимсиз сўзларни гапиришдан ўзини тияди. Ўйламасдан сўйламайди. Оғзига келганини гапириб юборавериш эса нифоқ аломатидир. Чунки мунофиқлар ўзларини, асосан, сўз билан ушлаб турадилар. Гапбозлик ва маҳмадоналик билан кун кўрадилар. Ўзларининг иймонлари йўқ эканини сўз билан яшириб кетадилар. Мўмин одамнинг эса қалби билан зоҳири бир хил бўлади. Унинг сўз билан ўзини ўраб-чирмаб бекитишга эҳтиёжи йўқ. Мўмин беҳуда сўзлар ва ишларнинг ўрнига керакли ва фойдали сўзни айтиб, гапни қисқа қилади-да, ўз ишига равона бўлади. Ўзини ҳақ қилиб кўрсатиш учун беҳуда гап талашиб, вақтни исроф қилмайди.

Керагидан ортиқча фасоҳатли ва чиройли гапираман деб ўзини овора қилиш хам тўғри эмас. Мўмин учун қисқа, содда, рост ва тушунарли қилиб гапиришнинг ўзи кифоя бўлади. Ўзини гапга чечан қилиб кўрсатиш, ҳар қандай баҳсда ютиб чиқаётганидан хурсанд бўлиб юриш мўминнинг орзуси бўлмаслиги керак. Аммо кофир-мунофиқлар билан Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш устида мунозара юритиш, уларни мағлуб этишга ҳаракат қилиш бошқа нарса. Мўминлар ўз кучларини қаерга сарфлаш кераклигини, Аллоҳ берган қобилият, илм ва ақл-заковатни қандай ишлатиш лозимлигини яхши ажратишлари зарур.

"Улар закотни бажо қилувчилардир". Яъни, улар молларнинг турли хил навларидан закот чиқариб, ўзларининг нафсларини ёмон хулқлардан, нолойиқ амаллардан тозалайдилар... Улар намозни "хушуъ" билан ўқиш орқали Холиқнинг ибодатини ҳам чиройли суратда адо этдилар, закотни бажо қилиш билан халқларга ҳам яхшилик қилдилар.

"Улар "фарж"ларини" (авратларини) зинодан "сақлагувчилардир". Сақлаш мукаммал бўлиши учун улар назар солиш, ушлаш каби харомга олиб борувчи воситалардан ҳам узоқ бўлдилар. Улар "фаржларини" ҳар қандай кишидан сақладилар". "Кимки, булардан" яъни аёл ва чўрилардан "бошқани истайдиган бўлса, ундай кимсалар ҳаддан ошувчилардир". Бундайлар Аллоҳ ҳалол қилган нарсалардан У харом қилган нарсалар томонга тажовуз қиладиган, Аллоҳнинг чегараларини бузишдан тап тортмайдиган кимсалардир. Бу оятнинг умумий маъносидан "мутъа" (вақтинчалик) никоҳ харом экани англашилади. (Саъдий).

Ибн Касир айтадилар: "Имом Шофеий ва у кишининг фикрига қўшилганлар "истимно"нинг (қўл билан сунъий равишда маний келтириш) харом эканига мана шу оятни далил қилиб келтиришган. У киши айтганларки, бу иш оятдаги икки қисмдан ташқаридадир".



Шундай қилиб, биз ҳозир кўриб ўтган 7 та оятда мўминларнинг бу дунёда муваффақиятларга эришиб, Охиратда нажот топишларига сабаб бўладиган тўртта сифат зикр этилди. Бу сифатлар намозни ҳокисорлик билан адо этиш, беҳуда сўз ва ишлардан узоқ юриш, тилни жиловлаб олиш, қодир бўлса, закотни чиройли адо этиш, нафсни тийиб, авратни харом ва шубҳалардан сақлашдан иборатдир.

Бу оятлардан кейин келадиган 4та оятда яна учта сифат баён қилинади. Улар омонатдорлик, аҳдга вафо қилиш ва намозларни ўз вақтида доимий ўқиб юришдир.

Дарҳақиқат, бу айтилган ишлар инсонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Аллоҳ белгилаб берган мезонга тўлиқ риоя қилинмаётган ерлардаги мўминларнинг ҳаётларида бўлиб ўтаётган нохуш воқеалар, ўзаро муносабатлардаги салбий кўринишлар бизга етарли танбеҳ бўлиши керак.

Аллоҳ барчамизни иймондек улуғ шарафни оқлашимизни, шунга лойиқ инсонлар бўлишмизни насиб ва осон қилсин. Мўминликнинг ҳар икки дунёдаги самараси ва мукофотини олишга муяссар бўлайлик.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР