loader
Foto

Ўттизинчи суҳбат: Мусулмонлар - хатолари кечирилган, нусрат ваъда қилинган уммат!

Бақара сурасининг охирги икки ояти чуқур маънолар ва кўп фазилатларни ўзига жамлаган оятлардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига уни доимо ўқиб юришни тавсия этганлар.

Ҳадисларда ва тафсир китобларида Бақара сурасининг сўнгги оятларини ўқиб юришга тарғиб қилувчи ривоятлар келган. Биз имкониятимиз чеклангани сабабли 285-оят ҳақида батафсил сўз юрита олмаймиз. Аммо ўқувчиларга 285 ва 286-оятларни қўшиб ёдлаш афзал эқанини эслатамиз. Биз бугун ўрганаётган оятдан аввалги оят (285) мана будир:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки, "Кимки кечаси Бақара сурасининг охиридан икки оят ўқиса, унга шу кифоядир". (Бухорий ривоятлари). Яъни, кимки чарчоқ ёки бошқа узрлар билан кечаси ўқийдиган дуоларини ўқий олмаса, унга мана шу оятлар кифоя қилади. Яна бир саҳиҳ ҳадисда бу оятлар Расулуллоҳга Арш остидаги хазинадан берилгани, булар у кишидан аввал ҳам, қейин ҳам ҳеч кимга берилмаслиги ҳақида айтилган.

Маълумки, Бақара сурасида Аллоҳ мусулмонлар ҳаётига доир жуда кўп муҳим масалаларни баён этган. Унда Ислом динини ташкил этган асосий уч мавзу – ақоид, ибодат, муомалот масалалари кенг ёритилган. Мусулмон жамиятининг жуда қўп қирралари очиб берилган. Суранинг охиридаги икки оят гўёки ана шу мавзуларга хотима ва хулосадек янграйди.

Аллоҳ бу сурада Ўз бандаларига қандай дуо қилишлари лозимлигини ўргатади. Демак, улар шу дуоларни ўқисалар, унга амал қилсалар, дуолари қабул, мақсадлари ҳосил бўлади.

Биз Аллоҳнинг Ўзи таълим берган оят-дуо маънолари таржимасини Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларидан сўзма-сўз келтирамиз:

"Сўнг Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига дуо қилиш йўлига бошлайди. У бу дуоларни ижобат айлашни Ўз зиммасига олган эди. У رَبَّنَا لاَ تُؤَاخِذْنَآ إِن نَّسِينَآ деб дуо қилишни ўргатди. Бу "Эй Раббимиз, агар биз бирор фарз амалини эсимиздан чиқариб тарк этсак ёки шунингдек билмасдан бирор ҳаром ишни қилиб қўйсак ё эса амал қилишда шаръий қоидасини билмасдан хато қилиб қўйсак, бизни азобга тортмагин", деганидир.

Муслимнинг "Саҳиҳ"ларида Абу Ҳурайрадан келган ҳадисда ўтдики, Абу Ҳурайра айтдилар: "Аллоҳ (бу дуога жавобан) хўп" деди. Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда эса Аллоҳ: "бажо қилдим", дегани айтилади.

Ибн Можа ўз "Сунан"ларида, Ибн Ҳиббон ўз "Саҳиҳ"ларида... Ибн Аббосдан ривоят қилишади. У киши дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Шубҳасиз, Аллоҳ менинг умматимнинг хато қилиш, унутиш ва мажбурланиш ҳолатларини кечиргандир".

رَبَّنَا وَلاَ تَحْمِلْ عَلَيْنَآ إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِنا - "Эй Раббимиз, ўтган умматларнинг бўйинларига юклаганинг каби машаққатли амалларни – агар тоқатимиз етадиган бўлса ҳам – бизга юкламагин. У амаллар ўша қавмларнинг гарданларига боғланган "занжир"лар ва гуноҳлар каби эди. Сен Ўзингнинг раҳмат пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ, енгил, бағри кенг шариат билан юбориб, у кулфатлардан бизни қутқардинг".

رَبَّنَا وَلاَ تُحَمِّلْنَا مَا لاَ طَاقَةَ لَنَا بِهِ - "Эй Раббимиз, бизни тоқатимиз етмайдиган буйруқлар, мусибатлар, балолар билан синамагин". وَاعْفُ عَنَّا - "Биз билан Сенинг ўртамизда Ўзинг биладиган нуқсонларимиз ва қоқилишларимизни авф эт". وَاغْفِرْ لَنَا - "Биз билан Сенинг бандаларинг орасида бўлган ишларимизни кечиргин. Уларга бизнинг айбларимиз ва хунук амалларимизни кўрсатма". وَارْحَمْنَآ - "Келгуси ишларимизда бизга раҳм қил, Ўзингнинг тавфиқингни ато эт, бизни яна бошқа гуноҳга гирифтор қилма". Донолар айтишганки, гуноҳкор одам учта нарсага муҳтождир: 1. Аллоҳ унинг Ўзи билан у орасидаги ишларини авф этишига; 2. Унинг айбини бандаларидан яширишига ва одамлар орасида шарманда қилмаслигига; 3. Яна шунга ўхшаган бошқа ишларга гирифтор этмаслигига;

أَنتَ مَوْلَـنَا - "Сен бизнинг Эгамиз ва Ёрдамчимизсан. Сенинг Ўзингга таваккул қилдик. Ёрдам сўраладиган Зот Сендирсан. Суяниладиган Зот Ўзингдирсан. Яхшиликка эришиш ва ёмонликдан қутулиш фақат Сенинг мададинг иладир".

فَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَـفِرِينَ - "Бас, бизларга Сенинг динингни рад этган, ваҳдониятинг ва Пайғамбаринг элчилигини инкор қилган, Сендан бошқага ибодат қилган, Сенга бандаларингдан кимларнидир шерик қилган кофир қавмлар устидан нусрат ато қил...".

Муслимнинг Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисларида келадики, Аллоҳ бу дуоларни қабул қилдим деган. Ибн Жарир айтадилар: Мусанно менга ривоят қилишича, ...Муоз разияллоҳу анҳу бу сурани ўқиб бўлиб, فَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَـفِرِينَ дейилган жойда "омийн" деб айтардилар".

Хато қилиш, эсдан чиқариш одамзод табиатига хос нарсадир. Хато, унутиш, мажбурланиш кечириладиган узрлар бўлиб, бу Ислом шариатининг инсонлар тоқатига мос равишда юборилганини, унинг енгил дин эканини қўрсатади.

Аллоҳ биздан олдин ўтган қавмларга Ўзининг ҳикмати билан уларнинг хулқ-атворларига яраша шариат жорий қилган эди. "Бану Исроил тавба ўрнида ўзларини ўлдиришга, закот сифатида молнинг тўртдан бирини беришга, кийимга нажосат тегса, ўша ерни кесиб ташлашга буюрилар эдилар". (Жалолайн). Бироқ бутун оламга раҳмат пайғамбари бўлиб келган Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган шариатни Аллоҳ енгиллаштириб берди. Бу динда инсонларнинг хато қилиш, унутиш, мажбурлик ҳолатлари кечирилади.

Ҳаракат, амал бор экан, хато ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ инсонни хато қиладиган қилиб яратган. Бироқ асосий масала бунда эмас. Балки, хатога ким қандай ёндошади, ким қандай баҳо беради? Ундан қандай хулоса чиқарилади? Масала шу ерда. Маълумки, Ислом тарихи давомида инсоннинг хатосига нисбатан муомала қилишда баъзилар бепарволик йўлини тутган. Кимлардир шафқатсизлик, муросасизлик томон ўтиб кетган. Ҳар икки тоифа ҳам адашган. Тўғри йўл эса ўрта йўл бўлиб, у аҳли сунна вал-жамоат йўли, инсоф йўлидир. Бунга аллома Саъдийнинг мазкур оятга берган шарҳлари ҳам далил бўлади: "Мана шу оятдан осонлаштириш қоидаси олинади. Бу дин ишларининг ҳаммасида машаққатни бартараф этишдир. Яна бундан ибодатларда ва Аллоҳ таолонинг ҳуқуқларини адо этишда содир бўлган унутишни ва йўл қўйилган хатони афв этиш қоидаси ҳам олинади. Бу қоидага одамларнинг ҳуқуқлари ҳам киради. Бу ерда афв гуноҳ ёзилмаслик ва қораланмаслик маъносидадир. Аммо хоҳ хато қилиб, хоҳ эсдан чиқариб мол-мулк ва жонга ноҳақ етказилган зарарлар учун товон тўлаш вожибдир".

Атрофдагиларга баҳо беришда шошқалоқлик қилиш, кўзига шубҳали кўринган ҳар бир нарсани шошиб рад этиш, бидъат, залолат, куфр, ширк сўзларини масъулиятсизлик билан ишлатишнинг хато эканини ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам жуда қўп уламолар таъкидлашган. Олимлар бу борадаги насиҳатларининг асоси қилиб юқоридаги оятни қелтиришади. "Баъзи одамлар шу даражага бориб етганки, ўзидан бошқани адашганга чиқаради, кофирга чиқаради, ҳолбуки, агар ўша мусулмон биродари дин ишларидан бирор нарсада адашган бўлса ҳам тўғри йўлда кетаётган, Китоб ва Суннатга мувофиқ иш қилаётган бўлиши мумкин. Ҳар бир адашган одам кофир ёки фосиқ бўлавермайди. Балки Аллоҳ бу умматдан содир бўладиган хато ва унутишни аллақачон кечириб қўйган. Аллоҳ Ўз китобида Расул ва мўминларнинг дуолари сифатида: رَبَّنَا لاَ تُؤَاخِذْنَا إِن نَّسِينَآ أَوْ أَخْطَأْنَا - деган жумлани зикр қилган ва "Саҳиҳ"да келганки, Аллоҳ (тилагингизни) "бажо қилдим" деб айтган. ("Фатволар тўплами").

Маълумки, ҳато билан залолатнинг фарқи бор. Шунингдек, гуноҳ ҳам алоҳида нарса. Аммо баъзи илми кам инсонлар буларнинг орасини ажрата олмайдилар. Баъзи тўғри ишни хато дейдилар. Хатони эса залолат деб тушунадилар. Ҳукмларни шошиб бир-бирига аралаштириб юборадилар. Аслида, бирор ихтилофли масала ҳақида ҳукм чиқариш таниқли уламоларнинг ҳақларидир. Агар бирор шахс ёки иш устидан ҳукм чиқариш зарурати туғилса, то уламоларнинг очиқ-ойдин сўзлари айтилмагунча ўз билганича сўзлаш нотўғридир. Мусулмонлар Аллоҳнинг оятидан келиб чиқадиган мана шу ажойиб ва қатъий қоидага риоя қилган тақдирларидагина уларга нусрат келади. Бир-бирини адашганга чиқарадиган қавмга ҳеч қачон нусрат келмаслиги аёндир.

Аллоҳ таоло барчамизнинг хато-гуноҳларимизни кечиришини, Ўзи рози бўладиган ҳақ йўлдан адашмай боришимизни, бир-биримизнинг камчилик-нуқсонларимизни кўрганда оғир-босиқ бўлишимизни насиб этсин.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР