loader
Foto

Учинчи Рим. Россия империя афсонаси қандай вужудга келган?

1453 йилнинг май ойида усмонлилар султони Муҳаммад Фотиҳ қўшини Константинополни фатҳ қилди ва шу тариқа Византия империясининг минг йиллик тарихига якун ясалди. Бироқ Константинопол нафақат Византиянинг пойтахти эди, балки шарқ насронийлари – православие маркази ҳам ҳисобланарди. Турклар Константинопол патриархатини сақлаб қолган бўлсада, лекин унинг роли ва таъсири кескин пасайиб кетди.

Константинополнинг қулаши ғалати тарзда бошқа бир православ давлат – Москва Буюк князлигининг ривожлана бошлаши билан мос тушди. XV асрда, Олтин Ўрда заифлашган даврда Москва сиёсий мустақилликка эришди. У аста-секинлик билан собиқ Киев Руси ерларини ўз атрофида бирлаштиришга интилган марказ ролига даъвогарлик қила бошлади.

Бу пайтда Московиянинг қатор диний ва сиёсий арбоблари Москва ҳукмдорларининг православ дунёсида биринчилигини асослаб беришга ҳаракат қилди. Бу ерда гап фақат Русь ҳақида бормаган. Москва ўзини Византия империясининг вориси деб ҳисоблаши ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида баёнот берилди. Бу ҳақида биринчи бўлиб Москва митрополити Зосима айтди, лекин бу ғоя рус руҳонийларининг бошқа бир вакили - игумен Филофей томонидан буюк князь Василий Ивановичга ёзилган номада ифодалаб берилди.

«Барча насроний подшоликлар сенинг подшолигинг билан бирлашади, иккита Рим қулади, учинчиси эса (Москва, - А.С.) турибди, тўртинчи Рим бўлиши мумкин эмас … Осмон остида насронийларнинг ягона шоҳисан сен».

Филофей ўйлаб топган бу империя хукумати формуласи бир неча асрларга Россия йўлини белгилаб берди. Унда Москва барча насроний давлатларни қўл остига олиши ва бўсундириши лозимлиги аниқ айтилди. Гап асосан православ давлатлар ҳақида борган.

Православие черкови тарихчиси Н.Каптерев Россия империя ғосига кенгайтирилган изоҳ берди:

«Москва бу – янги Рим – Константинопол ўрнини эгаллаган Учинчи Рим; православие ишида руслар юнонларнинг аввалги ўрнини эгаллади, чунки ҳеч қанақасига ўзгармаган ҳақ дин фақат руслардагина сақланиб қолди; бошқа барча мамлакатлар билан таққослаганда фақат биргина Русда "православие ва олий насронийлик кучли" эди, юнонларда «православие дини Муҳаммаднинг худосиз турклари жозибаси остида бузилмоқда» бўлган бир пайтда фақат рус давлатигина эндиликда "қуёш нури каби мукаммал диёнат уфуриб турибди".

Бироқ Москванинг Учинчи Рим ҳақида ғояси бирданига «кўкариб кетмади». Буюк князь Василий Иванович, сўнгра унинг ўғли Иван Васильевич Грозный қудратли Усмонлилар империясига қарши уруш эҳтимолининг ўзига шубҳа билан қарарди. Ваҳоланки, нафақат маҳаллий сиёсатшунослар, балки Европадаги бошқа нуфузли кучлар ҳам уни бу борада қўллаб-қувватларди.

Протоиерей Н.Новосаднинг фкирига кўра:

«Бу даврда (XVI-XVII асрлар) Рим папалари узоқ вақтдан бери Европага сингдириш истагида бўлган ғоя: туркларни Европадан ҳайдаб чиқариш учун салиб юриши ғояси бор эди. Бу ғояга Стефан Батоpий (Польша қироли) ҳам қўшиларди. Туркларга қарши кураш режаси Римда ҳам, Польшада ҳам бир хил даражада қунт қилиб ишлаб чиқилган. Бунда муваффақиятга эришиш учун қурол сифатида Москвани ҳам жалб қилиш лозим деб ҳисоблашган. Москвани католиклаштириш ва унинг ёрдам кўрсатишда ваъдасини олиш учун унга католик-подшо ўтказиш керак эди».

Иван Грозныйнинг олдига Рим Папасининг махсус вакили легат Антонио Поссевино ташриф буюради. Рус подшоси билан суҳбатда у Ватиканнинг режаларини баён қилади:

«Агар Папа билан ва бошқа давлатлар билан бирлашсанг, улар ёрдамида нафақат Киевни бошқарасан, балки Цаpгpад (Истанбул) ва бутун Шарқнинг импеpатоpига айланасан».

Бироқ Грозный Римнинг ваъдасига учмади, у легатниг сўзлари қимматини жуда яхши биларди.

Уния лойиҳасини католиклар XVII аср бошида, Москва тахтига Лжедмитрий I ўтказилганда уриниб кўрдилар. Бироқ ўзини бошқа бирок қилиб кўрсатган қаллоб ҳукумат тепасида бир йил ҳам ўтирмади ва фитна оқибатида ўлдирилди. Узоқ давом этган фитна даври ва фуқаролар урушидан кейин ҳукумат тепасига янги сулола – Романовлар келди.

Учинчи Рим ғоясини Константинопол патриархати вакиллари шох Алексей Михайлович ҳукмронлик қилган даврда фаол илгари сурганлар. Бунинг учун ҳатто черков ислоҳоти ҳам ўтказилган бўлиб, унинг мақсад шарқ черковлари намунаси бўйича ибодат қилишни бир хиллаштириш бўлган. Бу ислоҳот рус жамияти ва православие черковини ихтилофга олиб келди. Амалий вазифа – Константинополни олишга келадиган бўлсак, бунга Алексей Михайловичнинг маблағи ҳам, ҳарбий кучлари ҳам йўқ эди.

Царградни ишғол қилиш фикри рус ҳукмдорлари XVIII асрнинг иккинчи ярмида келди. Муваффақият билан тугаган бир қатор рус-турк ҳарбий кампаниялари Санкт-Петербургдаги ҳукмрон доиралар бошини айлантириб қўйди. Қрим ва Шимолий Қораденгиз бўйининг ишғол қилиниши Истамбулга тўғридан-тўғри йўл очиб берди.

Екатерины II ҳукумати Усмонлилар империяси жиддий қаршилик кўрсатишга қодир эмас деб ҳисоблади. Бу режани амалга ошириш йўлида ягона тўсиқ Россиянинг Шарқдаги экспансияига қарши бўлган Англия ва Франциянинг позицияси эди. Европа мамлакатлари иттифоқи билан уришишга эса Россия ҳали тайёр эмасди.

1877-1878 йилларда бўлиб ўтган рус-турк уруши давомида рус армияси Усмонлилар империяси пойтахтига жуда яқин келди ва энди Истанбулни ҳужум билан олишни кўлаб турганида омад Россиядан юз ўгирди. Европа мамлакатлари ягона фронт бўлиб чиқдилар ва шоҳ Александр II га Туркия пойтахти забт этилган ҳолатда кенг кўламли уруш билан таҳдид солдилар. Бу эса чор ҳукуматини яна ортга чекинишга мажбур қилди. Шу муносабат билан ёзувчи Ф.Достоевский ўз кундалигида қуйидаги сўзларни битган:

«Эртами, кечми, Константинопол барибир бизники бўлиши керак».

Умуман, Александр II ҳукмронлик қилган даврда рус империя ғоясининг қайта жонланиши кузатилган бўлиб, бу Босфор ва Дарданелла бўғозларидан ташқари, Дамашқ ва Қуддусгача тарқалган.

Царградни забт этиш ҳақида Россияда сўнгги марта Биринчи жаҳон уруши даврида гапирилди. Шунда рус армияси Шарқий Анатолияда бир қатор муҳим шаҳарларни эгаллаш ва Ван кўлига чиқишнинг уддасидан чиққанди. Бироқ 1917 йил рўй берган инқилоб нафақат Петербург режаларини йўққа чиқарди, балки «Москва – Учинчи Рим» ғояси билан бирга Россия империясининг ўзини ҳам йўқ қилди.

Сталин ҳам “Учинчи Рим» ғоясини амалга ошириш учун православ черковларини ташкил қилди. Насронийлар оламида Рус православ черкови мавқеини кўтаришга уринди, аммо натижа бўлмади…

Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР