loader
Foto

Либос ўзингизга муносиб бўлсин!

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси, 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратгани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» дея эслатиб, мазкур либослар билан сатрланишини буюрмоқда.

Динимизда кийиниш ва либосга ўзига хос талаблар қўйилади. Жумладан, либос инсон бадани кўринадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги; баданга ёпишиб турадиган, аъзоларни билинтирадиган даражада тор бўлмаслиги; эркаклар аёлларга, аёллар эркакларга ўхшаб кийинмаслиги; тилла тақинчоқларни тақмаслик ва ипак либосларни киймаслик (эркакларга); ўзини кўрсатиш учун қимматбаҳо кийимларга ружу қўймаслик кабилар.

Либосни ўнг томондан кийиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидандир. Шунингдек, тоза-покиза, оқ рангдаги либосларни кийиш ва махсус дуоларни ўқиш афзал ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар» (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади” (Имом Аҳмад ривояти).

Набий алайҳиссалом кўп ҳолларда Аллоҳни зикр қилардилар, уйга киришда, чиқишда, уйқуга ётишда, уйқудан туришда, таомланиш олдидан, таомдан сўнг ва ҳоказо. Жумладан, либос кийишда ҳам мустаҳаб бўлган дуо-зикрлар бор: “Алҳамду лиллаҳиллазий касааний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний валаа қувваҳ”. Яъни, “Барча ҳамду санолар менинг ўзимда ҳеч қандай куч-қудрат ва имконият бўлмаган ҳолда бу либосни менга кийдирган ва ризқ қилиб берган Аллоҳга хосдир” (Имом Абу Довуд ривояти).Ўзига тўқ, бой-бадавлат кишининг эски ва кўримсиз кийимларни кийиб олиши макруҳ саналади. Чунки Аллоҳ бандасига берган неъматининг асарини кўришни яхши кўради. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига увадаси чиққан кийимда келдим. У зот менга: “Мол-давлатинг борми?” дедилар. Мен: “Бор!” дедим. “Нималаринг бор?” сўрадилар у зот. Мен: “Аллоҳ менга туя, қўй ва отлар ҳамдақуллар ато қилган”, дедим. Набий алайҳиссалом буни эшитиб: “Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бир куни Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳамсуҳбатларидан бирининг кийими эскириб, увадаси чиққанини кўриб қолди. Иккиси холи қолганида, Имом унга юзланиб деди:

– Анави жойнамозни кўтаргин-да, тагидагини ол. У жойнамозни кўтариб, тагида минг дирҳам борлигини кўрди.

– Уни олиб, уст-бошингни тартибга келтир, – деди Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ.

– Мен ўзимга тўқман, – деди ҳалиги киши, – Аллоҳ менга бойлик, кенгчилик ато қилган. Бу пулларга эҳтиёжим йўқ. Шунда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унга: «Аллоҳ таоло сенга бойлик ва фаровонлик неъматини ато қилган экан, қани

У берган неъматларнинг асари?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, Аллоҳ Ўз бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади”, деган сўзлари сенга етиб келмаганми?! Модомики, бой экансан, ўзингга қараб, уст-бошингни тартибга келтириб юришинг лозим», деб насиҳат қилди.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР