loader
Foto

Мусулмон шахс ҳаёли, пардали бўлади

“Албатта, иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз” (Нур сураси, 19-оят).

Шунинг учун жамият ичида бузуқ хабарларни ёйишда тилини бўш қўйган одам, худди ўша бузуқликни қилган каби гуноҳкор бўлади. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, айтади: “Бузуқликни гапирган ва уни ёйганнинг гуноҳи бирдир.

Мусулмон кимса иболи бўлади, ўзини кичик иш-лардан, пасткашликлардан юқори қўяди. У ўзининг Ислом дини унга кўра тарбиялаган улуғвор хулқини одамларнинг обрўсига киришишга сарфламайди, тилини гуноҳларни очиқ қилишдан сақлайди, у гуноҳларни ўзи қиладими, эшитадими ёки бошқасида кўрадими, фарқсиздир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилади: “Барча умматим кечирилур, фақатгина очиқчасига гуноҳ қилганлар кечирилмайди. Яъни, киши тунда бир гуноҳни қилади. Тонг отади, Аллоҳ унинг тундаги ишини беркитганига қарамай, у: “Эй фалончи, кеча тунда шундай, шундай қилдим”, дейди, ваҳоланки, Аллоҳ тунда унинг айбини беркитган бўлади, у эса тонгда қилган гуноҳини ўзи фош қилади” (Бухорий ва Муслим ривояти).

“Банда банданинг айбини яширар экан, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбини Қиёмат куни яширади” (Муслим ривояти).

Бир қавм Уқба ибн Омирнинг олдига келиб айтишди: “Бизларнинг шароб ичадиган, гуноҳ ишларни қиладиган қўшниларимиз бор, уларнинг бу ишларини айтайликми?” - Шунда Уқба: “Йўқ, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ким бир мусулмоннинг авратини - айб ишини беркитса, худди тириклайин кўмиб юборилган қизни тирилтиргандек бўлади”.

Башарий заифликнинг муолажаси одамларнинг айбларини очиш, шарманда қилиш билан бўлмай, балки уларнинг қулоқларига ҳақни эшиттириш, уларга ибодатни чиройли кўрсатиш, гуноҳни ёмон кўрсатиш билан бўлади, қаттиқлиқ, очиқлик билан эмас. Зеро, юмшоқлик билан қалблар қулфи очилади, аъзолар хушуъ қилади, нафслар юмшайди. Шунинг учун Ислом дини жосусликдан, одамларнинг айбларини исташдан қайтарган. Аллоҳ таоло айтади:

“...(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ибн Масъуднинг олдига бир кишини олиб келиб айтишди: “Мана бу кишининг соқолидан ароқ томчилади”. Ибн Масъуд: “Бизлар жосусликдан қайтарилганмиз, лекин бирор нарса бизга кўринса уни ўша билан ушлаймиз”, деди.

Зеро, мусулмонларнинг айбларини таъқиб этиш, жосуслик қилиш, уларнинг заиф томонларини тафтиш қилиш, уларни шарманда қилиш - шармисор бўлган мусулмонларга ва ўз навбатида бу жамиятга ҳам озор беради. Жамиятда бузуқлик ёйилса, бекорчи сўзлар кўпайса, у жамиятга емирилиш кириб боради, маъсият осонлашади, нафрат ёйилади, ҳийла юради, жирканиш ўрнашади, фасод ом бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳаммасига ўз сўзлари билан ишора қилганлар: “Сен одамларнинг ишларини таъқиб қилсанг, уларни бузасан ёки бузишга яқин бўласан” (Абу Довуд ривояти).

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга одамларнинг шахсиятларига киришишнинг, уларнинг авратларини очишнинг хатарли эканига қаттиқ танбеҳ бериб, буни енгил санаганларнинг пардаси йиртилишини, ўз уйининг ичида шарманда бўлишини таҳдид қилиб айтганлар: “Аллоҳнинг бандаларига озор берманглар, уларни айбламанглар, уларнинг айбларини қидирманглар. Ким мусулмон биродарининг айбларини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг айбларини қидиради ва уни ўз уйида шарманда қилади” (Аҳмад ривояти).

Ибн Аббос ўзининг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларнинг обрўларига путур етказадиган кимсаларни қаттиқ олиб, улардан безовта бўлганларини тасвирлаб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто уйларидаги қизлар эшитадиган даражада қаттиқ хутба қилдилар: “Эй тили билан иймон келтирган, аммо қалбига иймон кирмаган жамоа, мўминларга озор берманглар, уларнинг камчиликларини таъқиб қилманглар. Ким мусулмон биродарининг камчилигини таъқиб қилса, Аллоҳ таоло унинг пардасини йиртади. Ким мусулмон биродарининг авратини очишни истаса, Аллоҳ таоло уни уйининг ичида бўлса ҳам шарманда қилади” (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби гуноҳларни қилишни енгил санайдиганларни қаттиқ олганларидан улар ҳақида шундай дейишгача етдилар: “Тилида иймон келтирган, аммо қалбига иймон кирмаган жамоа...”.

Улар қилаётган иш нақадар буюк ҳато! Улар бу ишлари билан иймон неъматидан қалблари мосуво бўлганлар қаторида бўлар эканлар. Ҳа, бу жуда катта гуноҳдир. Улар буни енгил санайдилар, ваҳоланки, у Аллоҳнинг наздида каттадир.

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР