loader
Foto

Афғонистондаги зилзила: минглаб одамлар ҳалок бўлди

Фаластиндаги воқеалар бутун дунё эътиборини ўзига тортди ва Афғонистондаги кучли зилзила каби бошқа йирик фожиаларни эътиборсиз қолдирди.

Шанба куни эрталаб Ҳирот провинциясида 6,3 магнитудали зилзила рўй берди.

БМТ маълумотларига кўра, қишлоқ аҳолиси ҳанузгача белкурак ва яланг қўлларини ишлатиб бедарак йўқолган 500 дан ортиқ одамни қидиришмоқда. Камида 2000 киши ҳалок бўлди.

Йўналишлар тўсиб қўйилгани ва алоқа линияларининг узилиши туфайли кечиктирилган ёрдам душанба куни етиб кела бошлади.

Ўлганлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигидан хавотирлар бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, зилзила Ҳирот шаҳридан 40 км узоқликдаги Зиндаян қишлоғида содир бўлган, у ерда "баҳоларга кўра, 100% уйлар бутунлай вайрон бўлган".

Қишлоқлардан олинган суратларда бундай зилзилага бардош бера олмайдиган бутун уйлар вайроналарга айланганини кўриш мумкин.

"Биз уйга келдик ва ҳеч нарса қолмаганини кўрдик. Ҳамма нарса вайронага айланди", деди Нек Муҳаммад, АФП ахборот агентлигига. "Биз аёллар ва болаларни вайроналар остидан қутқариш учун белкурак ва қўлимизга тушган ҳамма нарса билан қазишни бошладик."

Афғонистон ҳукумати ва ёрдам агентликлари дастлаб ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сонини аниқлашга уринди. Мутасаддиларда бундай чекка қишлоқлар аҳолиси тўғрисида маълумотлар бўлиши даргумон.

Бу ҳудудда уруш ва қурғоқчилик туфайли кўчирилган жамоалар ҳам жойлашган бўлиб, маҳаллий маъмуриятга у ерда яшаганларнинг аниқ сонини билиш қийин.

Афғонистон 2021 йилда Толибон ҳокимиятни қўлга киритгач, ҳукуматга тўғридан-тўғри кўрсатилаётган ёрдам тўхтатилганидан бери иқтисодий инқирозга юз тутмоқда.

Шанба кунги зилзиладан кейин бир неча давлатгина пул ваъда қилган. Хитой Қизил Хоч жамияти шошилинч пул ёрдами сифатида 200 минг доллар таклиф қилди, дея хабар беради Хитой матбуоти.

Қўшни Покистон афғон расмийлари билан алоқада эканлигини ва "қайта тиклаш ишларига ҳар томонлама ёрдам беришини" айтди.

Афғонистон, айниқса, Ҳиндукуш тоғ тизмаларида тез-тез зилзилалардан азият чекади, чунки у Евросиё ва Ҳиндистон тектоник плиталарининг туташган жойи яқинида жойлашган.



Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган Афғонистонга қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди

7 октябрдаги кучли зилзилалардан жабр кўрган Афғонистонга Ўзбекистондан қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилди. Жўнатма таркибида озиқ-овқат ва бирламчи тиббий ёрдам воситалари бор.

10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан Афғонистонга қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигида етказилди.

Юборилган ёрдам юки таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар, шунингдек, чодир ва одеяллар, шунингдек, бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор. Ёрдам юки My Freighter авиакомпаниясининг Boeing-747 юк самолётида Ҳирот шаҳрига етказиб берилди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон делегациясини Афғонистон ҳукумати томонидан тузилган зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича комиссия раиси Мавлавий Шарофиддин Муслим, раис ўринбосари Аҳмадулло Муттақий ҳамда транспорт ва фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Абдулсаттор Гурвол кутиб олди.

«Ўзбекистон — бизга ҳар доим биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзиб келган биродар мамлакат. Мен ўзим бир неча бор мамлакатингиздан келадиган кўмакни қабул қилиб, жабр кўрган халқимиз ўртасида тақсимлашда иштирок этганман. Биз Афғонистон ислом амирлиги ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва халқига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Сизлар энг яхши қўшнимиз сифатида Аллоҳ юборган оғир синов кунларида ҳар доим ёнимизда турасиз. Халқимиз буни ҳеч қачон эсдан чиқармайди», — дея таъкидлаган Мавлавий Шарофиддин.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда 7 октябрь куни эрталаб 6,3 магнитудали зилзила содир бўлган. Унинг эпицентри мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри ва шу номдаги вилоят маркази Ҳиротдан 40 км шимоли-ғарбда жойлашган. Зилзиладан кейин яна кичик кучланишли зилзилалар юзага келиб, бир неча қишлоқларни бутунлай вайрон қилган. 2400 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2000 га яқин аҳоли жароҳат олган. Ўзбекистон аввал ҳам мамлакатга ҳамдардлик билдирган.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР