loader

ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ

Хоразм салтанатининг ҳукмдорларидан бири, атоқли саркарда. Чингизхон Хоразм империясининг шарқий чегарасида юз берган бир ҳодисани ўзига қарши ҳужум билиб, ўрдаларини Ўрта Осиё устига сурди. Хоразм шоҳи унга қарши юборган  қўшинлар мўғулларни қисқа муддатгина тўхтатиб турди, холос.  Бунинг устига шоҳ ажойиб ўғли - шаҳзода Жалолиддин билан келишмай   қолганди ва сарой ичидаги найранглари билан унга қарши кайфиятини сездириб қўяр эди. Шердай дадил Жалолиддин ўткир заковати ва ақл бовар қилмайдиган матонати ҳамда ажойиб ташкилотчилиги билан ажралиб турарди. У лашкарларини тўплаб, мўғул босқинчиларига қарши уюштирган ҳужумлари билан уларга сезиларли зарба берган бўлса-да,  бир неча минггина жангчиси билан сон-саноқсиз душманни йўлдан қайтара олмади. Чингиз Ўрта Осиёдаги кўплаб шаҳарлар аҳолисидан шафқатсиз ўч олиб, юз минглаб мусулмонларни қиличдан ўтказди. Алоуддинни таслим бўлишга мажбур қилиб, Хоразм шоҳининг бошкентини эгаллади.  Фақат Жалолиддингина тиз чўкмаган эди. Чингиз жангларда гоҳ ютиб, гоҳ ютқазиб, уни  бутун Афғонистон бўйлаб таъқиб қилиб борди. Жалолиддин мўғул  ўрдаларини кўплаб марта, айниқса Ҳайбар довони яқинидаги тор дарада мағлубиятга учрата олган ягона саркарда эди. Ниҳоят, Ҳинд дарёси соҳилидаги Атток деган жойда довюракларча сўнгги жангига киришди. Чумолидай ададсиз босқинчилар бир ҳовучгина жасур лашкарларини  босиб-янчиб келаётганини кўриб, у отда учиб  тик  қирғоқдан Ҳинд дарёсига сакраб, итоаткор оти билан нариги  қирғоқ томон суза кетди. Нақл этишларича, уни нишонга олаётган мерганларга кўзи тушган Чингиз уларни тўхтатаркан: "Душман бўлса ҳам бунга ўхшаган жасурни ўлдириш мумкин эмас!", деган экан.  Шу аснода Жалолиддин дарёни кечиб ўтиб, Чингизга мағрур назар ташларкан, унга қарата  беписанд ўқ узади. Сўнгра ёрдам  сўраб Деҳли қироли -  собиқ қул, энди эса султон бўлган Элтутмиш саройига кириб боради. Лекин Чингиз Ҳиндистонга ҳужум қилмасин учун қирол унинг  илтимосини рад этади. Жалолиддин дарҳол ўша ернинг ўзида чоғроқ  қўшин тўплаб, Деҳли қироллигини босиб олади. Анчадан кейин Озарбайжонга ўтиб, ҳаётининг қолган қисмини  у ерда ўзи учун қўлга киритган кичикроқ подшоҳликда ўтказади.

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР